Бугунги оғир ва синовли кунларда халқимиз бир тан-у, бир жон бўлиб, мамлакатимизга кириб келган оғир коронавирус пандемиясига қарши курашмоқда. Мана шундай оғир вазиятда, яна бир нохуш фалокат – Сардоба сув омборида рўй берган табиий офат яна бир бор халқимизнинг иродасини синади.
Бугун нафақат сирдарёликлар, балки бутун Ўзбекистон халқи 1 май куни содир бўлган табиий офат – Сардоба сув омбори тўғонининг ўпирилиши ва унинг оқибати келтириб чиқарган зарардан чуқур қайғуда.
Ушбу фалокат оқибатларини бартараф этиш, табиий офат ҳудудидан вақтинчалик эвакуация қилинган аҳолига ҳар томонлама ёрдам бериш мақсадида Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида Ҳукумат комиссияси ташкил этилиб, тезкор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Мутахассислар томонидан ушбу табиий офатга ёмғир ёғиб, кучли шамол бўлганлиги сабаб қилиб келтирилмоқда. Сардоба сув омбори тўғонининг бир қисми ўпирилиши оқибатида сув оқими аҳоли пунктлари, коммуникация тармоқлари ва қишлоқ хўжалиги майдонларига катта зарар етказди.
Ҳукумат комиссияси томонидан фавқулодда вазият оқибатларини бартараф этиш, аҳолини хавфсиз ҳудудларга эвакуация қилиш ва уларга ҳар томонлама ёрдам бериш бўйича барча чора-тадбирлар кўрилди.
Тезкор чора-тадбирларга Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Сув хўжалиги вазирлиги, маҳаллий ҳокимликлар, қурилиш-таъмирлаш ташкилотлари, ҳуқуқ-тартибот идоралари ва бошқа хизматлар мутахассислари сафарбар этилди.
Шунингдек, Мудофаа вазирлиги шахсий таркиби ва махсус техникалари аҳолини эвакуация қилиш ва тегишли хўжалик объектларини жиҳозлаш учун сафарбар қилинди. Ички ишлар вазирлиги ва Миллий гвардиянинг Сирдарё ва Жиззах вилоятлари ҳудудий бошқармалари эвакуацияга кўмаклашиш, тартибни сақлаш ишларига жалб этилди.
Табиий офат оқибатида 56 киши турли жароҳатлар билан шифохонага ётқизилган. Жами 17300 киши тиббий кўрикдан ўтказилган. Сардоба, Оқолтин, Мирзаобод туманларидаги 22 та аҳоли пунктларидан 70 мингга яқин фуқаро Сирдарё ва Жиззах вилоятлари ҳудудларига эвакуация қилинди.
Таъкидлаш жоизки, офатдан жабрланган ҳар бир инсон алоҳида эътиборга олиниб, ҳамма уй-жой ва озиқ-овқат билан таъминланмоқда.
Шу ўринда, эвакуация қилинган аҳоли учун вилоятлардан саховат карвонларида озиқ-овқат, кийим-кечак ва зурурий маҳсулотлар етказиб берилаётганлигини, қайд этиш жоиз.
Аммо, ушбу нохуш вазиятдан фойдаланган ҳолда, сўзда ботир, амалда қўлидан бир иш келмайдиган баъзи бир қўштирноқ ичидаги “ҳамюртларимиз” томонидан табиий офатдан бошқача тус берилган шаклда масъул идора ва ташкилотларга лой чаплаш, бўҳтон қилиш ҳолатлари кузатилмоқда.
Хўш, мазкур сув омборида содир бўлган табиий офатни турли видео-тасвирларга олиб, мавжуд ҳолатни турлича талқин этишдан ҳамда халқимизни ваҳимага солишдан кимга нима наф? Мазкур вазиятдан фойдаланиб, ҳар хил асоссиз маълумотлар, турли бўҳтонларни тарқатиш орқали вазиятдан фойдаланиш кимга керак?
Ушбу фалокатнинг табиий офат натижасида келиб чиққанлигини барча, бутун бошли халқимиз кўриб турибди.
Халқимизга кимнидир айбдор қилиб кўрсатиш, асоссиз равишда мағзавани ағдариш, бу йўлда, оила аъзоларини ҳам аралаштиришдан нима наф бор?! Бундан ким манфаатдор?!
Шу каби саволларга ўринли жавоб берилиши керак.
Сардоба сув омбори 2010-2017 йиллар давомида қуриб битказилганлиги ҳақида хабаримиз бор. Сув омборининг қурилишидаги ишлар илмий-техник асосланган, кенг кўламли соҳа мутахассислари иштирокида тасдиқланган қурилиш режалари, барча зарурий лаборатория текширувларидан ўтказилиб, босқичма-босқич амалга оширилади. Агарда, сув омборида содир бўлган табиий офатда кимнидир айбламоқчи бўлсак, нега унда ўтган уч йил давомида бирон-бир нохуш ҳодиса рўй бермади? Сув иншооти қурилишида заррача хатоликка йўл қўйилган, деб тахмин қиладиган бўлсак, унда нима сабабдан ушбу фалокат ўша йилнинг ўзида содир бўлмади?! Айтиш жоизки, табиий офат ўз номи билан қурилиш ишларининг сифати ёки муайян бир вақтга қараб содир бўлмайди.
Бу вазиятда бир тану-у, бир жон бўлиб, халқимизга далда бўлишимиз керак. Неча йиллар давомида кеча-ю-кундуз хизмат қилган фидойи ва заҳматкаш қурувчиларни бугун биргина бўҳтонли гаплар билан айбдор деб топиб, уларни устидан ҳар хил иғволар тарқатиш жуда асоссиз туюлмоқда. Худдики, қурувчилар ёки бу ишга масъул бўлган ташкилот ва идоралар ушбу ҳодиса бўлишини билиб туриб, атайлаб қилгандек...
Бугунги кунда чоп этилаётган баъзи бир ОАВлари, ижтимоий тармоқларда ушбу офатга ҳукумат комиссияси аъзолари ёки масъул ташкилотларнинг айбдорлиги келтирилмоқда. Турли шаклдаги асоссиз ва ноҳақ бўҳтонлар ағдарилмоқда.
Яна бир ўринли мушоҳада. Гидротехник иншоот, яъни сув омборидаги эксплуатация жараёнлари қай тартибда амалга оширилади?
Амалдаги қонунчиликка биноан, гидротехника иншоотларини эксплуатация қилишга масъул ташкилотларнинг асосий вазифалари белгиланган. Шунга биноан, гидротехника иншоотининг мунтазам текшириб турилишини таъминлаш ҳамда гидротехника иншоотининг авариясини тугатиш учун мўлжалланган моддий захираларни яратишга масъуллиги белгилаб берилган.
Ҳар бир гидротехник иншоотидан, унинг эксплуатация қилиш шарт-шароити ҳамда белгиланган синфидан келиб чиққан ҳолда, алоҳида фойдаланиш қоидалари ишлаб чиқилади. Ишлаб чиқилган фойдаланиш қоидаларига кўра, ҳар бир гидротехник иншоот, хусусан, сув омборлари мунтазам равишда, шу жумладан, техник томондан ишончлилиги махсус назорат ўлчаш асбоб ва қурилмалари асосида олиб борилади.
Эксплуатация жараёнида мунтазам равишда инспекторлик текшируви ҳамда лозим бўлган ҳолларда инструментал текширувлар амалга оширилади.
Шундай экан, ушбу оғир ва синовли вазиятда кимнидир айблашдан олдин, бу хусусида аниқ маълумотлар асосида иш кўриш мақсадга мувофиқдир.
Тўғри ва асосли маълумотларни эса, табиий офат юзасидан тузилган Ҳукумат комиссиясининг якуний хулосаси орқалигина билишимиз мумкин.
Биз ишонамизки, халқимиз ушбу синовдан ҳам ўзининг мустаҳкам иродаси, сабр-бардоши ва фидойи саъй-ҳаракатлари билан мардонавор ўтади.
Зеро, Президентимиз томонидан таъкидланганидек, “Бу ҳеч ким кутмаган синов. Биринчи ҳаракатимиз одамларни эҳтиёт жойларга кўчириш бўлди. Энг катта масала – ўлим бўлмаслиги. Оқсоқоллар, маҳалла раислари ва нозирларидан илтимос қиламан: одамларни йиғиб, уйларга, палаткаларга жойлаштириб, озиқ-овқат билан таъминлаб, маҳаллама-маҳалла саранжом қилиб олишимиз керак. Бунинг учун ҳамма куч ва воситаларни сафарбар қиламиз. Шароит яхши бўлмагунча биронта раҳбар кетмайди. Сабр қилиб, оғирликни елкамизга олиб, чидашимиз керак. Биронта хонадон, биронта одам эътиборсиз қолмайди”.
Ҳозирда тўғондан сув чиқиши тўхтатилган. Тошган сув оқими Оқолтин туманидан ўтувчи Абай каналига туширилиб, Жиззах вилоятидаги Арнасой кўлига йўналтирилган. Президентимиз томонидан вазият шахсий назоратига олинган.
“Ўзбекгидроэнерго” АЖ табиий офатнинг оқибатларини бартараф этишга қаратилган чора-тадбирлар доирасида ўз зиммасига юклатилган вазифаларни бажаришга бор имкониятларини сафарбар этади.