9 май куни Президент Шавкат Мирзиёев Тошкентда янги қуриб битказилган "Ғалаба боғи"да Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 75 йиллигига бағишланган тадбирларда қатнашган.
Бу йилги сана расман "Хотира ва қадрлаш куни ҳамда Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 75 йиллиги" сифатида нишонланмоқда.
Пойтахтнинг Олмазор туманидаги "Ғалаба боғи" Президент Мирзиёевнинг ташаббуси билан барпо этилган.
Президент "Матонат мадҳияси" ёдгорлик мажмуасига гулчамбар қўйган.
Бунга қадар Ўзбекистонда Иккинчи жаҳон урушининг асосий ёдгорлиги Мустақиллик майдонидаги "Мотамсаро она" ҳайкали саналар эди.
Президент матбуот хизмати коронавирус эпидемияси боис карантиндан чиқишни бошлаган Ўзбекистонда "Ғалаба байрами кенг нишонланаётгани"ни айтган.
Хабарларга кўра, 15 мартдан бошланган карантин чораларига қарамасдан, "Ғалаба боғи"даги қурилиш ишлари давом этган.
Тошкентдаги байрам тадбирлари Сардоба сув омборида юз берган йирик сув тошқини манзарасида ўтмоқда.
Ўзбекистоннинг яқин тарихидаги энг йирик техноген офатда бир неча киши ҳалок бўлган, 70 мингдан ортиқ одам уйларидан кўчирилган.
'Тарихни қайта... ва қайта ёзиш'?
Таҳлилчилар Шавкат Мирзиёевнинг ҳокимиятга келиши ортидан совет давридаги айрим рамзларнинг қайта тикланаётганига эътибор қаратишади.
Марҳум Ислом Каримов даврида 9-Май фақат "Хотира ва қадрлаш куни" сифатида нишонланган.
Каримов мустақилликнинг илк йилларидаёқ "Улуғ ватан уруши" иборасини тақиқлаган, унинг ўрнига "Иккинчи жаҳон уруши" ибораси муомалага киритилганди.
2009 йил охирида Тошкентдаги шўро аскарига қўйилган ёдгорликнинг олиб ташланиши Россия ҳукуматининг норозилигига сабаб бўлган эди.
Россия матбуоти Ўзбекистон ҳукуматини "Улуғ Ватан уруши тарихини қайта ёзишга уриниш"да айблаган.
Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонаси олдида бир неча норозилик чиқишлари бўлиб ўтган.
Россиялик айрим таҳлилчилар Тошкентдаги шўро аскари ёдгорлигининг олиб ташланишини "Россияни Ўзбекистондан бутунлай сиқиб чиқариш" уриниши сифатида талқин этганлар.
Аммо Ўзбекистон ҳукумати шўро аскарига қўйилган ҳайкал Иккинчи жаҳон уруши жангчиларининг хотираси тимсоли бўлмагани, балки "бор-йўғи эски тузум мафкурасини акс эттиргани"ни айтиб, Россия матбуотидаги тарихни қайта ёзиш иддаоларини рад этган.
2010 йилнинг 13 январида Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги биноси олдидаги собиқ шўро аскари ҳайкалининг ўрнида барпо этилган янги мажмуа Президент Каримов томонидан очилган.
Бу йилги сана арафасида ижтимоий тармоқларда Тошкентдаги "Ғалаб боғи" ва Ўзбекистоннинг урушдаги иштироки борасида баҳслар яна авж олган.
Айримлар Ғалаб байрами нишонланишини мамлакат тарихининг ажралмас бир қисми ва ота-боболарга кўрсатилган ҳурмат сифатида олқишласа, бошқалар буни Ўзбекистоннинг мустамлака ўтмишини улуғлаш сифатида танқид қилганлар.
Каримов давридан фарқли Ўзбекистондаги интернет нашрлари ҳар икки томонинг фикрларига ўрин берган.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев Ғалаба боғини очди
BBC